Пятница, 02 июля 2021 11:36

ТОЖИКИСТОНЛИК ҲАМКОРЛАР ЗАЪФАРОН ПЛАНТАЦИЯЛАРИГА ТАШРИФ БУЮРИШДИ

Бугун, 2 июль куни AVAS GROUP (Тожикистон) компанияси Директорлар Кенгаши Раиси Азим Ҳакимов раҳбарлигидаги делегация Жиззах вилоятининг Бахмал туманига ташриф буюрди.

Меҳмонлар заъфарон плантациялари ҳамда ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан бевосита танишишди.

Мулоқот давомида BMB Trade Group компанияси Кузатув Кенгаши Раиси Бекзод Маматқулов тожикистонлик ҳамкорларга заъфарон лойиҳасининг бориши, бу борада Ўзбекистон тўплаган самарали тажриба ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда компания томонидан BMB Zaʼfaron бренди остида етказиб берилаётган олий сифатли шифобахш маҳсулот харидорлар томонидан илиқ кутиб олинди ҳамда истеъмолчилар орасида оммалашиб боряпти.

— Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон заъфарондек қимматбаҳо ўсимликни етиштиришни муваффақиятли амалга оширди, — деди AVAS GROUP (Тожикистон) компанияси Директорлар Кенгаши Раиси Азим Ҳакимов. — Бу каби инновацион ва минтақа учун муҳим лойиҳа асосчиси ҳамда ташаббускори бўлган яқин ҳамкоримиз — BMB Trade Group компаниясини ушбу юксак натижа билан табриклайман. Ўзимиз келиб, мана шундай катта ютуққа бевосита гувоҳ бўлдик. Бу борада қулай шароит яратиб беришгани учун ташкилотчиларга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Бизнинг компания ҳам BMB тажрибаси асосида Тожикистонда заъфарон плантациялари барпо этади. Мазкур лойиҳа истиқболли ва катта самара келтиришига ишонаман.

Маълумки, Тожикистонда мазкур пилот лойиҳани амалга ошириш учун 50 гектар майдон ажратилган бўлса, заъфарон экиш, етиштириш ва экспорт қилишгача бўлган ҳамма босқичлар ҳамда жараёнлар компаниямиз мутахассислари томонидан тўлиқ назорат қилиб борилади.

Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган «йўл харитаси» яна бир бор кўриб чиқилди. Якунда ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва фаоллаштириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Меҳмонлар юқори даражада ташкил этилган ташриф учун компаниямиз вакилларига ўз миннатдорчилигини билдирдилар.